Шрифт ўлчами: A A A
Фон ранги: A A
Ишонч телефони (+998 71) 268-17-44
Электрон почта info@tipme.uz

Кафедра тарихи

1934 йилда Тошкент (олдинги Ўрта Осиё) врачлар малакасини ошириш институтида “Кўз касалликлари” кафедраси ташкил этилган.
Кафедрага мудирлик қилган профессор ўқитувчилар:
–    Профессор Архангельский Петр Федорович (1934-1948 йй.);
–    Профессор Попова Софья Алексеевна (1948-1952 йй.);
–    Доцент Шкаренко Зоя Семёновна (1952-1957 йй.);
–    Профессор Комилов Махамаджон Комилович (1957-1988 йй.);
–    Кафедрага 1988 йилдан ҳозирги кунгача Ўзбекистон Қаҳрамони, тиббиёт фанлари доктори, профессор Комилов Холиджон Махамаджонович мудирлик қилиб келмоқдалар.
Кафедранинг ўқув-амалий базаси 1948 йилгача Тошкент тиббиёт институти клиникасининг, 1948 йилдан 1961 йилгача Тез тиббий ёрдам клиник шифохонасининг, 1961-1966 йилларда Тошкент шаҳар №15 сонли клиник шифохонасининг кўз касалликлари бўлимида, 1966 йилдан ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика кўз касалликлари клиник шифохонасида (РКККШ) жойлашган.

 

Архангельский Петр Федорович

 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор (1934-1948 йй. кафедра мудири).
П.Ф. Архангельский 1932 йилда Тошкент тиббиёт институти офтальмология кафедрасини бошқарган, 1934 йилдан 1948 йилгача ТВМОИ кўз касалликлари кафедрасига мудирлик қилган. 1917 йилда Варшава институти тиббиёт факультетини тугатган. Докторлик диссертациясини 1922 йилда ҳимоя қилган. 100 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. Унинг ташаббуси билан 1936 йилда кўзни протезлаш пункти, 1940 йилда трахомага қарши кураш пункти ташкил этилган. Глукоманинг патогенези ва хирургик даволаш усулларини ўрганиш ҳамда амалиётга тадбиқ этишга, кўз ичи босимини мувозанатини сақловчи ва шартли рефлектор механизмларни ўрганишга, антиглаукоматоз жарроҳлик муолажалар (склероиридэктомия, склеротомоиридэктомия)ни амалга ошириш ва унга зарур хирургик асбоб-ускуналарни такомиллаштиришга жуда катта ҳиссаларини қўшган.
Ўзбекистондаги кўз касалликлари шифохоналари ва тиббиёт муассасаларининг кўз бўлимларида глаукомани хирургик даволашда склеротомоиридоэктомия жарроҳлик амалиёти кенг қўлланилган.

 

Попова Софья Алексеевна

 

Тиббиёт фанлари доктори, профессор (1948-1952 йй. кафедра мудири). С.А. Попова 1948 йилдан 1952 йилгача ТВМОИ кўз касалликлари кафедрасига, 1953-1957 йилларда Тошкент тиббиёт институти кўз касалликлари кафедрасига мудирлик қилган. 1917 йилда Петроград тиббиёт институти тугатган. Докторлик диссертациясини 1948 йилда ҳимоя қилган. Кўп йиллар давомида кўз лейшманиози муаммоси билан шуғулланган, шунингдек маляриянинг кўрув аъзоларига таъсирини ўрганишга жуда катта ҳисса қўшган.

 

Шкаренко Зоя Семёновна

 

Тиббиёт фанари номзоди, доцент (1952-1957 йй. кафедра мудири). З.С. Шкаренко 1952 йилдан 1957 йилгача ТВМОИ кўз касалликлари кафедрасига мудирлик қилган. Унинг илмий ишлари кўрув аъзолари бруцеллёзи морфологиясини экспериментда ўрганиш ҳамда глаукомани хирургик даволашда склеротомоиридэктомия операциясидан кейинги асоратлар бўйича бўлган.

 

Комилов Махамаджон Комилович

 

Комилов М.К. – замонавий офтальмологиянинг асосчиси,  бизнинг мамлакатимиздан ташқарида ҳам машҳур шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач, Соғликни Сақлаш ташкилотчиси, «Меҳнат Қизил Байроғи», «Қизил Юлдуз», «Улуғ жаҳон уруши» орденлари, 12 та медаль, Ўзбекистон Респубикаси Олий Кенгашининг Фаҳрий ёрлиқлари ва кўкрак нишонлари сохибидир.
Комилов М.К. 12 март 1917 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1939 йилда Тошкент Тиббиёт институти даволаш факультетини тамомлади ва шу йили аспирантурага кирди. У урушнинг биринчи кунлариданоқ ҳарбий хизматда Ленинград фронтида қатнашди ва ўз хизматини 1946 йилда Туркистон Ҳарбий округида якунлади. Комилов М.К. 1946 йилдан то умрининг охиригача бутун ҳаётини Тошкент врачлар малакасини ошириш институти офтальмология кафедрасига бағишлади. Кафедрада 1946-1949 йилларда клиник ординатурада ўкиди, 1949 йилдан 1957 йилгача кафедра ассистенти, 1957 йилдан 1988 йилгача кафедра раҳбари, 1988 йилдан 1991 йилгача кафедранинг маслаҳатчи-профессори бўлиб ишлади.
Комилов М.К. ўзига ва бошқаларга нисбатан ўта талабчанлиги туфайли урушдан кейинги йилларда Республикамиз офтальмология илми ва хизматини тиклашга муваффақ бўлди.
Ўз ишини профессионали, моҳир ташкилотчи Комилов М.К. уруш давриданоқ С.М. Киров номли Ҳарбий Тиббий Академиясида ўз ўқишини бошлади.
1955 йилда Москва шаҳридаги врачлар малакасини ошириш Марказий институтида диссертация ёқлаб, тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олди. 1970 йилда кўрув аъзолари жароҳатлари ва уларни профилактикасига бағишланган докторлик илмий ишини ёқлади. Шифохоналарда узоқ вақт ишлаганлиги Москва, Ленинград, Прага, Вена шаҳарларида даволаш, ҳамда илм бериш ишларининг қандай ташкил этилганлигини кенг ўрганлиги билан у тажрибали врач-диагност ҳамда ўз ишини ипидан игнасигача чуқур биладиган кўз жарроҳи бўлиб етишган. У жарроҳлик техникасини жуда яхши эгаллаган, ҳар қандай кўз касаллигини операция қилишга қодир мутахассис.
Махамаджон Комилов Тошкент ва Москва шаҳарларида жойлашган врачларнинг малакасини ошириш институтларида узоқ йиллар давомида педагогик ишларни олиб бориб, ўз дарсларини замонавий билимлар даражасида тушунтира оладиган, тажрибали педагог эканини ҳам исботлади. У жамоат йўли билан топширилган барча ишларни сифатли қилиб, ташаббус билан бажариб келган.
Техник эстетика ва меҳнатни илмий ташкиллаштиришга ёндашув асосида Комилов М.К. томонидан Ўзбекистоннинг йирик ишлаб чиқариш корхоналарида кўрув аъзолари жароҳатларининг профилактикаси, кўрув аъзоси контузияси классификацияси ишлаб чиқилган ва амалиётга тадбиқ этилган. Ҳозирги давргача бу классификациядан Республика офтальмологлари самарали фойдаланиб келмоқдалар.
Профессор Комилов М.К. трахома касаллигини йуқотиш ва бошқа кўзнинг инфекцион касалликларини даволаш асосларига катта ҳисса қўшди.
Профессор Комилов М.К. ўзбек офтальмологиясини “отаси” бўлиб ҳисобланади. 1964 йилда у томонидан ташкил этилган трахомага қарши фаолиятлари натижасида Ўзбекистонда трахома касаллиги бартараф этилди. Ҳозирги кунда ҳам ҳар бир вилоятда офтальмологик кабинетлар, бўлим ва шифохоналарда бу хизмат ташкил этилган.  
Ўзбекистон Республикасининг бош офтальмологи сифатида 1958 йилда Ўзбекистон офтальмологлари илмий жамиятини ташкил этди ва 1989 йилгача раислик қилиб келди. Шу билан бирга Бутуниттифоқ офтальмологлар жамияти Президиумининг аъзоси, «Ўзбекистон тиббиёт журнали» таҳририятининг аъзоси бўлиб ишлаган.
Комилов М.К. – Ўзбекистон офтальмология мактабини асосчиси бўлиб, унинг асосий илмий йўналишлари кўз жароҳатлари, яллиғланиш, қон томир касалликлари, катаракта ва глаукомага бағишланган.
М.К. Комилов ва унинг ўкувчилари томонидан кўз жароҳатларидан ташқари, кўзнинг яллиғланиш касалликларида антибиотикларни дифференциал қўллаш бўйича илмий йўналишлар олиб борилди, кўзнинг томирли касалликларида ва глаукомада гемодинамика ва гидродинамика ҳолати ўрганилди, гипертензион ҳолатлар ва катарактада янги жарроҳлик амалиётлари ишлаб чиқилди.
Профессор Комилов М.К. томонидан кўз жарроҳлигининг микрохирургик техникалари ишлаб чиқилди ва Республика офтальмология амалиётига тадбиқ этилди.
Ўзининг кучли ташкилотчилик ҳусусиятларига ва илмий қарашларига кўра Комилов М.К. неврология, пульмонология, терапия ва бошқа соҳаларга асосланиб, фанлараро илмий изланишлар базасини ташкил этди.
У биринчи бўлиб офтальмологиянинг янги йўналишларига асос солди. Нейроофтальмология, офтальмотравматология соҳаларини ривожлантирди ва ўз ўкувчиларини шу соҳаларга йўналтирди.
Профессорнинг раҳбарлиги остида 30 дан ортиқ номзодлик ва докторлик диссертация ишлари ҳимоя қилинди. Бутуниттифоқ офтальмологлар V съезди, Республикада илмий-амалий конференциялар ўтказилди ва 10 дан ортиқ илмий тўплам ва услубий тавсияномалар чоп этилди.
Комилов М.К. 2 монография, 130 дан ортиқ илмий ишлар, услубий тавсияномалар, қўлланмалар ва ахборот хатлари муаллифи, булар ҳозирги давргача кўз шифокорлари учун қўлланма бўлиб хизмат қилаяпти.
Унинг офтальмологияда ташҳисий хатоликларга бағишланган монографияси узоқ йиллар давомида кўз шифокорлари учун дастурий-амал бўлиб келди ва ҳозирги давргача у ўзининг долзарблигини йўкотмади.
Комилов М.К. профессионал сифатида минглаб беморларга ёрдам берди, офтальмология хизматида эса кўпгина долзарб муаммоларни ҳал этиб, ўз ҳиссасини қўшди. Унинг ёркин хотираси фарзандлари ҳаётида акс этди. Унинг ўғли Комилов Х.М. – Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор, тиббиёт фанлари доктори, профессор  ва қизи Комилова Г.М.- офтальможаррох; Комилов М.К.нинг хизматлари кўплаб ўқувчилари, китоблари, илмий ишлари ва халқ хотирасида акс этиб келмоқда.
1994 йилда у «Жасорат» медали, 1967 йилда – «Ўзбекистон ССР да хизмат кўрсатган врач», 1977 йилда – «Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби» каби давлат мукофотлари соҳиби бўлди.
Илмга чуқур ёндошув, ҳақиқатгўйлик, фидойилик, ўз халқига беминнат хизмат кўрсатиш, аввалдан кўра билиш қобилияти – буларнинг ҳаммаси буюк олимни халқнинг чуқур ҳурмат эътиборини қозонишига асос бўлди.