
Бугун 19 март куни Республика перинатал маркази анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Гўдаклар нафас олишига ёрдам бериш” илмий-амалий семинар ўз ишини бошлади.
Илмий-амалий семинарда халқаро экспертлар – Дрезден университети Саксон фето-неонатал саломатлик маркази директори, профессор – Марио Рюдигер, Дрезден техника университети тиббиёт факультети ўқитувчиси – Франк Хайнке, Neuroplast BV компанияси бош шифокори – Борис Крамер "Чақалоқлар реанимацияси", “Ўпканинг ультратовуш диагностикаси”, “Эхокардиография”, “Қорин бўшлиғининг ультратовуш диагностикаси”, “Неонатал гигиена”, “Янги туғилган чақалоқлар сепсиси”, “Гипотермияни даволаш” каби долзарб мавзудаги маърузалари билан иштирок этмоқда.
Мазкур семинарда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари ҳамда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази неонатолог шифокорлари иштирок этмоқда.
Ўтказилаётган илмий-амалий семинар республикада фаолият юритаётган неонатологлар учун янги билимларга эга бўлиш, хорижий ҳамкорлар билан тажриба алмашиш имконини беради. Неонатологлар эгаллаган билимлари ёрдамида янги туғилган чақалоқларда учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволашда юқори технологияли ускуналардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Илмий-амалий семинар 22 мартга қадар давом этади.