Шрифт ўлчами: A A A
Фон ранги: A A
Ишонч телефони (+998 71) 268-17-44
Электрон почта info@tipme.uz

9 МАЙ — ХОТИРА ВА ИФТИХОР КУНИ

08 Мая 2025

9 МАЙ — ХОТИРА ВА ИФТИХОР КУНИ

1932-йилда ташкил этилган Тошкент врачларни малака ошириш давлат институти Буюк Ғалабага катта ҳисса қўшган.

1941–1945-йиллар уруш шароитида институт фронт учун 5 485 нафар шифокор, санитария ходими ва ҳамшираларни тайёрлади. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш халқ комиссари Ёқуб Каримбабаевич Мўминов фармойишига биноан институт биноси эвакуация госпитали — 3183-рақамли ҳарбий шифохонага айлантирилди. Ўқув юкламаси беш баробарга оширилди. Ўқитувчилар ва шифокорлар нафақат дарс берган, балки ярадор аскарларни даволаган, инфекцион касалликларга қарши курашган, босиб олинган ҳудудлардан эвакуация қилинган болалар, аёллар ва кексаларга ёрдам кўрсатган.

Институт тарихидаги ёрқин саҳифалардан бири — Лидия Василъевна Келгинбаева (қизлик фамилияси — Киселева) тақдири билан боғлиқ. У Воронеж тиббиёт институтидан келиб, 3183-сонли госпиталда ишлаган. Ғалабадан сўнг Тошкентда қолиб, институтда дарс берган ва тиббий таълим ривожига катта ҳисса қўшган.

Урушдан кейинги йилларда институтда профессор, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Маҳаммаджон Комилов раҳбарлигида офталмология кафедраси фаолият юритган. Унинг илмий ва педагогик фаолияти миллий тиббиётимизда чуқур из қолдирган.

Ғалабадан сўнг Тошкент врачларни малака ошириш институти “Меҳнат Қизил Байроқ ордени” билан мукофотланган. Бундай юксак унвон ҳар бир олийгоҳга берилавермасди. Бу мукофот институтнинг фронт ва Ғалаба учун қилган улкан хизматларининг эътирофи эди. Бу оддий унвон эмас — бу оқ халатли қаҳрамонларнинг жасорати, маънавий кучи ва профессионаллигини ифодалайди.

Бугунги кунда институтнинг ҳуқуқий вориси — Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳисобланади. Профессор Хабибулло Атауллоэвич Акилов раҳбарлигидаги Марказда фронтда хизмат қилган шифокор авлодлари, уларнинг жасорати ва Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида тарихий-тиббий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Биз қаҳрамонларни эъзозлаймиз. Биз хотирани асраймиз. Биз анъаналарни давом эттирамиз.

Ғалаба байрами муборак бўлсин!

Оқ халатли аскарларга — шифокорларга шараф бўлсин!