Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази
Маънавият ва маърифат бўлими
Тошкент 27.11.2025
2024-йил 27-ноябрь куни “Педиатрия” факультетида “Маънавият куни” муносабати билан кенг қамровли маънавий-маърифий ва мусиқий тадбир ташкил этилди. Тадбир аввалида факультет декани, доцент Ш.Х. Саидазизова кириш сўзи билан қатнашчиларга мурожаат қилиб, факультетнинг шаклланиш тарихи, унинг бугунги ютуқлари ва келгусидаги устувор мақсадлари ҳақида батафсил маъруза тақдим этди.
Тадбир давомида бир қатор соҳа мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этишди. Жумладан, “Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти” кафедраси мудири, профессор М.Н. Нуритдинов “Қариндошлар никоҳи ва унинг асоратлари” мавзусида илмий асосланган презентацион маърузасини тақдим этди. Унда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг соғлиқ ва келажак авлод саломатлигига таъсири, профилактика чоралари ҳақида кенг ёритиб берилди.
Шунингдек, “Болалик даври асаб касалликлари” кафедраси мудири, профессор Sh.Sh. Шамансуров “Ҳаёт ва тарбия” мавзусидаги маърузаси билан чиқиш қилди. У болалар психологияси, онанинг тарбиядаги ўрни, бола саломатлигида эрта кузатув ва соғлом муҳит аҳамияти ҳақида қизиқарли фактлар билан бойитилган тақдимот намойиш этди. Мазкур маъруза тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди ва самимий руҳ бағишлади.
Тадбирда, шунингдек, “Превентив тиббиёт. Валеология асослари” мавзусида “Валеология” кафедраси мудири, доцент Н.Н. Файзиева томонидан маънавий-маърифий мазмунга эга тақдимот ўтказилди. Унда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларнинг валеологик саводхонлигини ошириш борасида долзарб маълумотлар берилди.
Тадбир якунида эл ардоғидаги санъаткор, сўз устаси, актёр ва “Зўр ТВ” телеканалининг “Хайирли тонг” дастури бошловчиси Ўткир Муҳаммадхўжаев, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги ашула ва рақс ансамблининг ижодкорлари иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди. Улар томонидан куй-қўшиқлар, жонли ижролар ва бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Мусиқий дастур давомида шифокорлар жасорати, фидойилиги, инсон саломатлиги йўлида кўрсатган қаҳрамонлиги, шунингдек Ватан тинчлиги, меҳр-оқибат ва бирлик ҳақида куйланган қўшиқлар тингловчиларда чуқур таассурот қолдирди. Саҳнадаги ҳар бир чиқиш тадбир иштирокчиларига руҳий кўтаринкилик, илиқлик ва фахр туйғусини улашди.