Шрифт ўлчами: A A A
Фон ранги: A A
Ишонч телефони (+998 71) 268-17-44
Электрон почта info@tipme.uz

Кафедра тарихи

Хирургия кафедраси – 1932 йил Ўрта Осиёда ягона Тошкент Врачлар Малакасини Ошириш Институти таркибида ташкил этилган. Иккинчи жахон уруши йилларида кафедрани профессор Г.А.Ротенберг бошқарди ва шу даврда 3000 та харбий врачлар тайёрланди. Профессор Г.А.Ротенберг рахбарлиги даврида т.ф.н., доцент И.А.Эскин, т.ф.н. С.М.Игров, т.ф.н., доцент М.Т.Караш ва ассистент М.Ф.Саидовлар фаолият олиб бордилар хамда кафедрага профессор С.А.Муминов, ассистент Р.К.Федермессерлар таклиф қилинди.

Кафедрага 1953-1964 йилларда доцент М.Н.Гаспарин, 1964-1975 йилларда тиббиёт фанлари доктори Х.Н.Муратова, 1975-1996 йилларда тиббиёт фанлари номзоди, доцент Ш.Ш.Ильсон рахбарлик қилдилар.

1996-1998 йилларда малакали хирург – профессор Ф.Г.Назиров кафедрани бошқарди. Унинг раҳбарлиги даврида кафедра фаолият учун юксак имкониятлар яратилиб, назарий ва амалий кўникмалар Республикамизнинг барча хирургларига кенг тадбиқ қилинди, 1998-2004 йилларда кафедрани профессор А.М.Худойберганов бошқарди.

2004 йилдан бошлаб кафедрани етук мутахассис – профессор Х.А.Акилов бошқармоқда. У кишининг раҳбарлигида кафедра базаси кенгайтирилиб, тўлиқ, замонавий ускуналар билан жихозланди.

2005 йил февралдан кафедра таркибига 1999 йилда профессор А.С.Сулайманов бошчилигида ташкил топган “Болалар хирургияси” курси киритилди. Ушбу курсни 1999-2000 йилларда Россия фанлар Академиясининг мухбир аъзоси, Қозоғистон Тиббиёт фанлар Академиясининг хақиқий аъзоси, профессор А.С.Сулайманов, 2000-2003 йилларда тиббиёт фанлари номзоди, доцент Э.И.Ильясов бошқарди, 2004 йилда “Болалар хирургия” кафедраси ташкил қилиниб, унга профессор Ж.Б.Бекназаров раҳбарлик қилди.

2005 йилдан бошлаб кафедра “Хирургия ва болалар хирургияси” деб номланиб, ҳозирги кунда профессор Х.А.Акилов раҳбарлигида т.ф.д. Ф.А.Даутов, т.ф.д. Ф.Ш.Примов, т.ф.д. А.У.Рахимов, доцент Р.Р.Соатов, доцент Ш.А.Низомов, асс А.М.Файзиев ва асс. Б.Н.Тилововлар фаолият олиб бормоқдалар.

Ҳозирда кафедрада кўкрак қафаси аъзолари хирургияси, болалар шошилинч хирургияси, ўт йўллари, ошқозон – 12 бармоқ ичак, сийдик ажратиш аъзоларининг реконструктив хирургияси бўйича илмий йўналишда изланишлар олиб борилиши натижасида 500 дан ортиқ илмий рисолалар чоп этилган, шу жумладан, монография, патент ва диссертациялар. Бугунги кунга келиб кафедра ходимлари Республика ва Халқаро конференция ва симпозиумларда фаол иштирок этишмоқда.