НАЗИРОВ ФЕРУЗ ГАФУРОВИЧ
Назиров Феруз Гафурович 1950 йил 25 майда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топган, 1973 йилда ТошМИ ни тамомлаган, хозирги пайтда жигар ўт йўллари ва портал гипертензия хирургияси соҳасида таниқли, юқори малакали етакчи мутахассис хисобланади. Тиббиёт фанлари доктори, академик Ф.Г. Назиров ҳозирда “Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази” ДМ нинг директор маслахатчиси.
Академик Ф.Г. Назировнинг бевосита раҳбарлиги остида абдоминал жарроҳлигининг энг мураккаб йўналишларидан бири – портал гипертензия хирургияси, ўт йўлларида реконструктив операциялар, жигар ва ошқозон ости безида барча энг мураккаб операциялари бажарилмоқда. Бу операцияларнинг аксарияти бутун Марказий Осиё давлатларида асосан “Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази” да бажарилмоқда.
Академик Ф.Г. Назиров раҳбарлигида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб портал тизими аъзолари ва қон томирларида бажариладиган реконструктив хирургик амалиётларнинг оригинал усуллари ишлаб чиқилган. Бу эса ўз навбатида ушбу йўналишни жуда муҳим даражага олиб чиқишга ва юқоридаги мураккаб тоифадаги беморларни даволаш натижаларини яхшилашга имкон яратди. Жигар ва ошқозон ости бези ўсмаларини жаррохлик йўли билан даволаш йўналиши бўйича асосчилардан бири деб хисобланади. Унинг юқори профессионал қобилияти сабабли ҳозирги вақтда “Академик В.Вохидов номидаги РИХИАТМ” ДМ да барча турдаги жигар резекциялари, шунингдек ошқозон ости безидаги ҳамма мураккаб хирургик амалиётлар спектри, шу билан бирга панкреатодуоденал резекцияси операциялари бажарилмоқда. Олим ўт йўлларининг реконструктив хирургиясини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Унинг бевосита раҳбарлиги остида марказда ўт йўлларини жароҳатланишида барча турдаги реконструктив – тикловчи операциялар тадбиқ этилди, шу билан бирга гепатикохоледох ва ўт йўлларининг жароҳатлаинишида жуда мураккаб амалиётлар бажарилиб, узоқ муддатли яхши натижалар олинмоқда.
Кучли илмий-амалий фаолияти туфайли Ф.Г. Назиров Россия ва МДХ давлатлари хирург гепатологлари ассосацияси вице-президенти лавозимига тайинланган. Замонавий гепатология муоммолари бўйича илмий изланишлар натижалари Россия ва МДХ давлатлари гепатологлари ассосацияси бошқармаси томонидан юқори баҳоланган. "Жарроҳлик гепатологияси йилномалари" журнали муҳарририяти томонидан нашриётнинг 15 йиллик фаолияти давомида илк бор “Академик В.Вохидов номидаги РИХИАТМ” нинг академик Ф.Г. Назиров бошчилигидаги муаллифлар портал гипертензия хирургиясидаги тадқиқотлар ва янги технологияларни тадбиқ этганлиги учун журнал лауреати унвонига сазовор бўлганлар. Таькидлаб ўтиш лозимки ушбу нуфузли унвон Ф.Г.Назиров яратган гепатологик хирургик хизматнинг Ўзбекистон Республикасида юқори ўринда туришини яна бир бор кўрсатади.
Академик Ф.Г.Назиров 1997 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони билан мукофотланган.
2010 йилда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий медико-хирургик маркази фахрий доктори, Россия табиий фанлар академияси “Фундаментал медицина” бўлимининг аъзоси этиб тайинланди. Шу йилнинг ўзида Европа табиий фанлар академияси презедиумининг қарори билан Николай Пирогов номидаги орден билан тақдирланган.
2011 йилда Москвада “Хирургик гепатологиянинг долзарб муоммолари” XVIII халқаро конгрессида хирургия соҳасин ривожига кўшган ҳиссаси ва алоҳида ютуқлари учун академик Ф.Г.Назиров машхур жаррох А.В.Вишневский номидаги олтин медал совриндори бўлди.
2017 йилда Ф.Г.Назиров Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзоси этиб тайинланди.
Презиндентимиз ташаббуси билан 2020 йилда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қўшган юксак ҳиссалари, нафақат марказда, ҳамда чекка ҳудудларда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини жорий этиш ва беморларга тиббий ёрдам сифатини оширишга қўшган ҳиссалари учун “Саломат 1” фаҳрий унвони билан тақдирланди.
Марказда академик Ф.Г.Назиров бошчилигида ҳозирги кунда дунёнинг бир қатор давлатлари билан гепатология йуналиши бўйича яқин ҳамкорлик алоқаларини самарали йўлга қўйилган. Хусусан, Россия Федерациясининг “Россия хирургия илмий маркази”, Италиянинг Бергамо шаҳридаги “Руинити клиникаси”, АҚШ нинг Висконсин шаҳридаги “Халқаро тиббий алоқалар жамғармаси” ҳамда Украинанинг “Юрак-томир хирургия илмий-тадқиқот институти” каби яна кўплаб халқаро ташкилотлар билан яқин алоқалар ўрнатилиб, тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришга доир хизмат сафарлари доимий равишда амалга оширилиб келинмоқда.
“Академик В.Вохидов номидаги РИХИАТМ” базаси юқори технологик анжомлар билан таъминланган янги кардиохирургик блок ташкил этилиши Ф.Г. Назировнинг бевосита фаол иштироки остида юртимиз кардиохирурглари амалиётига ушбу соҳадаги энг оҳирги ишланмалар табдиқ қилинибгина қолмай жаҳон микёсидаги клиникаларда ҳам жуда кам ҳолларда бажариладиган юракдаги операциялар амалиётга кенг жорий этилмоқда, янги туғилган чақалоқлар ва бир ёшгача бўлган болалардаги туғма юрак нуқсонларини хирургик даволаш бўйича ҳамда интервенцион кардиология ва юрак ритми бузилиши бўйича янги ихтисослаштирилган бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирги кунда ўзиниг улкан тажрибаси ва илмим-амалий потенциали туфайли академик Ф.Г. Назиров хирургик трансплантология каби муҳим йўналишни ривожлантирмоқда. Унинг раҳбарлиги остида яқин қариндошлардан (масалан онадан болага) буйрак ва жигар кўчириб ўтқизишнинг қонунчилик базаси лойиҳаси тузилди. Ушбу лойиҳа доирасида марказда сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичларида буйрак транслпантацияси жорий этилди ва муваффақиятли бажариб келинмоқда, яқин ва узоқ даврда яхши натижалар олинмоқда. Ўз навбатида жигарни кўчириб ўтказиш энг мураккаб трансплантологик амалиётларга киради.
Академик Ф.Г. Назиров томонидан 700 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган бўлиб, шуларнинг учдан бир қисми даврий чет эл нашрларида босиб чиқарилган. Унинг раҳбарлиги остида 16 та ихтиро патентлари ва 6 та монография чикарилган, 21 та докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилиниб, хирургиянинг турли йўналишлари ривожланишини давом эттириш учун истедодли издошлардан иборат бутун бир мактаб ташкил қилинган. Ф.Г. Назиров ва унинг ўқувчиларининг тадқиқотлари нафақат мамлакатимизнинг балки МДХ давлатлари ва узоқ хориж давлатларининг хирургик жамиятида ҳам тан олинган.
Ф.Г. Назиров 14.00.27 – Хирургия ва 14.00.44 – Юрак қон томир хирургияси ихтисосликлари бўйича докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимояси бўйича Ихтисослашган кенгаш Раиси, “Ўзбекистон хирургияси” журнали бош мухаррири, Ўзбекистон хирурглар жамияти раиси ва Н.Пирогов номли Россия хирурглар ассоциацияси раёсати аъзоси, Ўзбекистон Республикасида ҳизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ҳодими, “Вестник экспериментальной и клинической хирургии” (Воронеж) журнали редакцион кенгаши аъзоси, “Анналы хирургической гепатологии” (Москва) журнали редакцион кенгаши аъзоси, Қорақалпоғистон Республикасида ҳизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ҳодими.
Феруз Назиров ўзининг меҳнатсеварлик ва талабчанлик, мулоқотга тез кириша олиш ҳар бир ходим ва беморга индивидуал йўл топа олиш томонлари билан ажралиб туради. Илмий изланишларда энг долзарб ва истиқболли йўналишларни аниқлай олиш, мураккаб диагностик ва даволаш муоммоларини ҳал этишда ягона йўлга таяниш қобилиятига эга инсондир.
Маълумки дунёда жигар ҳасталиги кўпайса кўпаймоқдаки камаяётгани йўқ, унинг қолдирган жигар циррози ва кейинчалик келиб чиқадиган портал гипертензия, гиперспленизм, асцит, қизилўнгач ва ошқозондан қон кетиши каби асоратларидан кўпчилик азият чекмоқда. Олим бажарган докторлик иши мана шу ҳолатларда жаррохлик даволаш усулларин қўллашга бағишланган. Олим ўз ишида жарроҳликнинг эндоваскуляр усулларини, ошқозон ва қизилўнгач веналарида варикоз кенгайишлар бўлганида томирларни эндоскопик тромблаш каби қатор усулларни ҳамда босқичма босқич ишлашни таклиф этади. Ундан ташқари цирроз асоратларининг патогенези замонавий усулларда ўрганилган.
Олим Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган йилларида тиббий ислохатларни бажаришда жонбозлик кўрсатди, тиббиётнинг биринчи поғонасини, яъни қишлоқ шароитларида тиббий моддий техникани ривожлантиришга катта эътибор берди.
Академик Феруз Назиров етук жаррох, тиббиёт соҳасининг ташкилотчиси, гепатологик жарроҳликнинг моҳир намоёндаларидан бири сифатида тиббиётимиз тарихида ўчмас ном қолдирган олимлардан биридир.